ТОШКЕНТ, ЎЗБЕКИСТОН (2022 йил 25 март) — Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар учун хусусий секторни ривожлантириш муҳим бўлиб қолмоқда ва мамлакатнинг инклюзив ва барқарор ўсиш сари интилишида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) мамлакатга хусусий секторни мустаҳкамлашда кўмаклашишни давом эттиради, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга бўлган учрашув давомида ОТБ Президенти Масатсугу Асакава.
"ОТБ Ўзбекистоннинг иқтисодиётдаги хусусий сектор иштирокини ошириш билан бирга таркибий ислоҳотларга устувор аҳамият беришини қатъий қўллаб-қувватлайди" – деди жаноб Асакава ОТБ Президенти сифатида Ўзбекистонга биринчи ташрифи чоғида. "Биз хусусий секторнинг иқтисодий ривожланишнинг олдинги қаторига олиб чиқишга интиламиз. Молиявий манбалардан ташқари, биз ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни ва стратегик секторларга, жумладан, банк, энергетика ва сув таъминоти каби соҳалардаги давлат корхоналарига ёрдам беришда давом этамиз”.
Ўзбекистон давлат хизматларининг 20 фоизини хусусий секторга ўтказиш ва 2026 йилга бориб хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга етказишни мақсад қилган. ОТБ Ўзбекистон хусусий секторининг молия, инфратузилма ва агробизнес соҳаларида фаол ишламоқда.
Ўзбекистон ОТБнинг давлат-хусусий шериклик (ДХШ) транзакциялари бўйича маслаҳат ёрдами тақдим этиш бўйича энг йирик мижозидир. Банк Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия, сув ва оқава сувлар ҳамда марказлаштирилган иссиқлик таъминоти бўйича учта транзакция маслаҳат мандатларини муваффақиятли якунлади. ОТБ соғлиқни сақлаш, қаттиқ маиший чиқиндилар, таълим, оқава сувлар ва қайта тикланадиган энергия соҳаларида янги ДХШ лойиҳаларини ишлаб чиқиш устида ишламоқда. ОТБ, шунингдек, Ҳукуматга мамлакатнинг ДХШ тўғрисидаги қонунини илғор халқаро тажрибага мувофиқ қайта кўриб чиқишда ва инфратузилмада хусусий сектор иштирок этиши учун янада кучлироқ қулай муҳит яратишда ёрдам берди.
Жаноб Асакава барқарор ривожланиш учун Ўзбекистонда давом этаётган яшил ўтишнинг муҳимлигини таъкидлади. Мамлакат 2030 йилгача энергиянинг 25 фоизини қайта тикланадиган манбалардан олишни мақсад қилган ва ОТБ қуёш, шамол ва гидроенергетика лойиҳалари орқали бу мақсадга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга интилиши халқаро ҳамкорлар билан бўлган савдо кўламининг ошиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиши мумкин.
Жаноб Асакава, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари коронавирус (COVID-19) пандемиясидан тикланар экан, минтақавий ҳамкорлик ва интеграция туфайли яратилган янги имкониятлар ҳақида алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлаккатлар сирасига кирар экан, у Марказий осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг (МЎМИҲ) аъзоси сифатида савдо ва транспорт алоқаси ҳамда минтақавий энергия савдосидан фойда кўради.
ОТБ 2002 йилдан бери МЎМИҲ ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда ва ҳозирда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Қоўнғирот ва Қозоғистоннинг Доут-Ота шаҳарлари ўртасидаги 240 километрлик автомобил йўлини тиклашда ёрдам бермоқда. Банк, шунингдек, минтақавий энергия савдосини яхшилаш ва миллий энергия тизимлари ўртасида янги ҳамкорликни ривожлантириш устида ишламоқда.
Шу ҳафтада жаноб Асакава Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Джамшид Кучкаров ва Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков билан ҳам учрашди. Ташриф давомида унга Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти Бош директори Евгений Жуков ва Хусусий сектор операциялари департаменти Бош директори Сюзан Габури ҳам қўшилди.
Куни кеча жаноб Асакава Тошкент халқаро инвестиция форумининг Ҳукумат томонидан мамлакатнинг сармоявий салоҳиятини халқаро сармоя ва ишбилармон доираларга намойиш этиш мақсадида ташкил этилган юқори даражадаги конференция бўлиб ҳисобланмиш пленар йиғилишида иштирок этди. Габури хоним ОТБ хусусий сектори мижозлари билан Ўзбекистонда хусусий сектор инвестициялари учун муаммолар ва имкониятлар бўйича истиқболларни эшитиш мақсадида маслаҳатлашди.
Бугун жаноб Асакава Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ва бошқа ривожланиш ҳамкорларининг юқори мартабали вакиллари иштирокида бўлиб ўтган “Тараққиёт бўйича ҳамкорларни мувофиқлаштириш бўйича мамлакат платформаси” йиғилишида кириш сўзи билан чиқди.
Жаноб Асакава Ўзбекистонга ташрифи давомида ОТБ томонидан қўллаб-қувватланаётган учта лойиҳага ташриф буюради:
- Қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш лойиҳаси – мазкур лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб 29 мингтагача арзон уй-жойлар қурилмоқда.
- Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси – мазкур лойиҳа Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларида ақлли ҳисоблагичларни ўрнатиш ва барча ҳисоблагичларни миллий тармоққа улаш орқали энергия самарадорлигини оширишга ёрдам берди.
- Боғдорчиликда қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси – мазкур лойиҳа мамлакат бўйлаб фермер ва тадбиркорларга узоқ муддатли молиялаштиришдан фойдаланиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон 1995-йилда ОТБга аъзо бўлди ва шундан сўнг банк мамлакатга 10 млрд. доллардан ортиқ қарзлар, грантлар ва техник кўмак ажратди.
ОТБ-нинг мақсади бўлиб Осиё ва Тинч Океани минтақасида ривожланиш, тенглик ва барқарорликни таъминлаш ва кескин қашшоқликга қарши кураш ҳисобланади. ОТБ 1966-йилда ташкил этилган бўлиб, унинг акционерлари бўлиб 68 аъзо-мамлакат ҳисобланади ва улардан 49-таси минтақа мамлакатларидир.