МАНИЛА, ФИЛИППИН (2023-йил 9-февраль) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 млн. АҚШ доллари миқдорида қарз ва 400 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилишини маъқуллади.

ОТБнинг Иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастурининг 2-фазаси биринчи кичик дастури давлат сектори бошқаруви ислоҳотларидаги ОТБнинг олдинги кўмагини давом эттиради ва чуқурлаштиради. Дастур доирасида Ҳукуматга молиявий бошқарувнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, давлат корхоналари бошқаруви ва фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан рақобатни рағбатлантириш ва ишончли коррупцияга қарши кураш ва аудит тизимлари ёрдамида давлат сектори ҳисобдорлигини ошириш мақсадида ҳуқуқий, тартибга солиш ва институционал базани ислоҳ қилишда ёрдам берилмоқда.

"Ўзбекистон янада очиқ ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтишга ёрдам берадиган ислоҳотларга қатъий содиқлигини намойиш этди", – деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. “ОТБ мамлакатга макроиқтисодий барқарорликни, инклюзив ва барқарор ўсишни таъминлаган ҳолда ушбу мақсадга эришишда ёрдам беришда давом этади”.

Биринчи кичик дастур доирасидаги ислоҳотлар фискал хавф ва давлат қарзини бошқаришни кучайтириш, гендер жиҳатларни ва яшил бюджетни инобатга олган ҳолда бюджетни тузиш орқали давлат ресурсларини тақсимлашни яхшилаш ҳамда ахборот технологияларига асосланган солиқ бошқаруви орқали ички ресурсларни сафарбар қилишни яхшилашга қаратилган. Шунингдек, улар ижтимоий ҳимоя қамровини кенгайтиради ва коррупцияга қарши кураш ва аудит тизимлари самарадорлигини оширади.

Бундан ташқари, дастур Ўзбекистоннинг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Аниқ миллий режа Ҳукуматга Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, инфратузилмани модернизация қилишга ва ишчи кучини "яшил" иш ўринлари учун зарур бўлган кўникмаларга ўргатишга ёрдам беради.

“Давлат сектори инвестициялари учун фискал майдон яратиш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш учун давлат корхоналарининг молиявий шаффофлигини ошириш, корпоратив ва профессионал бошқарувини такомиллаштириш ва монополияга қарши кураш тизимларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади”, - деди ОТБнинг Давлат бошқаруви бўйича бош иқтисодчиси Чидем Акин.

400 минг АҚШ доллари миқдоридаги техник кўмак гранти ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган.  Ўшандан бери ОТБ мамлакатга 10,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Media Contact