ТОШКЕНТ, ЎЗБЕКИСТОН (2022 йил 23-май) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг шаҳар ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларига хусусий сектор инвестицияларини жалб қилишни давом этади ва таълим ва соғлиқни сақлаш каби янги соҳаларда ёрдамини кенгайтиради, – деди ҳукуматнинг юқори расмий шахсларига Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда ОТБнинг хусусий сектор операциялари ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) бўйича Вице-президенти Ашок Лаваса.

"Ўзбекистон фаол ДХШ дастурини ишлаб чиқишни давом этмоқда ва ОТБ унинг ривожланишини, жумладан, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, оқава сувларни тозалаш, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш каби муҳим хизмат тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга тўлиқ содиқдир", деди жаноб Лаваса.  "Бу хизматлар шаҳарларда яшовчи одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. ОТБ томонидан тавсия этилган иккита лойиҳа – Тошкент иссиқлик тармоғи ва Наманган оқова сув тозалаш иншооти бўйича сезиларли муваффақиятларга эришилгани ва уларнинг ҳар иккаласи ҳам тижорат якунига етгани ҳақида хабар беришдан мамнунман".

Жаноб Лаваса Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Кучкоров, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари Соҳиб Саифназаров ва давлат ва хусусий секторнинг бошқа манфаатдор томонлари билан бўлган учрашувларда ўз фикрларини билдирди.

Жаноб Умурзоқов айни вақтда ОТБ Бошқарувчиси ҳам бўлиб хисобланар экан, банкнинг Ўзбекистоннинг ДХШ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш каби соҳаларда ОТБ ёрдами борасида ижобий фикр билдирди.

2021-йил сентябр ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Veolia Energy Tashkent” компанияси билан Тошкент шаҳар иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича 30 йиллик ДХШ шартномасини имзолади, натижада табиий газ, энергия ва сув бўйича хавфсизлик ва тежамкорлик меъёрлари 25 фоиздан 40 фоизгача ошди.

Наманган оқава сувларини тозалаш иншооти Ўзбекистонда сув таъминоти ва канализация секторида амалга оширилган биринчи ДХШ лойиҳадир. Бу "Metito Utilities Limited" компанияси билан 25 йиллик ДХШ шартномасига мувофиқ эмиссия меъёрларини ошириш орқали Сирдарёда сув сифатини яхшилаш ва иссиқхона газлари чиқаришни камайтириш имконини беради. Наманган  лойиҳаси тажрибасидан фойдаланган ҳолда ОТБ Тошкент шаҳрида оқава сувларни тозалаш бўйича янги ДХШ лойиҳасини қўллаб-қувватлашни режалаштирмокда.

ОТБ Тошкент шаҳрида янги мактабларни, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб янги мактабгача таълим муассасаларини лойиҳалаш, қуриш, молиялаштириш ва сақлаш бўйича янги ДХШ лойиҳалари орқали таълим соҳасини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришни режалаштирмоқда. ОТБ президенти Масацугу Асакава ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноб Асакаванинг март ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида ушбу режаларни муҳокама қилишган эди.

ОТБ, шунингдек, ўзининг ДХШ буйича ёрдамини Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига кенгайтиришга ва янги инфратузилма ва жиҳозлар ҳамда хизматлар кўрсатишни яхшилаш орқали соғлиқни сақлаш сифатини яхшилашга интилмоқда.

Қайта тикланувчи энергетика секторида хусусий сектор иштирокини 2 гигаваттгача ошириш бўйича кўмакни кенгайтириш орқали ОТБ Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича 2030 йилгача 12 гигаваттга эришиш бўйича кенгайтирилган максадларига ўз ҳиссасини оширади.

Жаноб Лаваса, шунингдек, Марказий ва Ғарбий Осиё минтақасидаги ДХШ агентликлари раҳбарлари учун ўтказилган минтақавий семинарда кириш сўзи билан чиқди ва унда Ўзбекистонда ДХШ соҳасида эришилган юксак натижаларни юқори баҳолади ва дастур  бошқа ривожланаётган мамлакатлар учун намуна бўла олиши ҳакида айтди.

Бундан ташқари, жаноб Лаваса Ўзбекистоннинг ДХШ бўйича халқаро давра суҳбатини очилишида сўз билан чиқди ва унда Ўзбекистоннинг ДХШ соҳасида эришган ютуқлари кўриб чиқилди ва инфратузилмага келажакдаги инвестиция имкониятлари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган.  Ўшандан бери ОТБ мамлакатга 10,4 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. Хусусий сектор ривожланишини қўллаб-қувватлаш - ОТБнинг 2019-2023-йилларда Ўзбекистон билан Ҳамкорлик стратегияси доирасида асосий стратегик устувор йуналиш бўлиб, у мамлакатни жонли ва инклюзив бозор иқтисодиёти сари ҳаракатланишига ёрдам беради.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Media Contact