Манила, Филиппин (2022-йил 18-октабр) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг тўртта ўрта шаҳарларида турмуш шароитини яхшилаш ва иқтисодий рақобатбардошликни ошириш учун 59 миллион АҚШ доллар миқдорида қарз ва 500 минг АҚШ доллар миқдорида грант ажратилишини маъқуллади.

ОТБнинг Шаҳарларни комплекс ривожлантириш лойиҳаси доирасида COVID-19 пандемияси ва иқлим ўзгариши олдида ҳимояланманганлик туфайли ўсиши орқада қолган Жиззах, Ховост, Хива ва Янгиер шаҳарларида инфратузилма ва хизматларга стратегик инвестициялар қўллаб-қувватланади.

“Шаҳарларнинг комплекс ва иқлимга чидамли тарзда ривожланиши у ерда яшовчи аҳолининг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаш орқали ўрта шаҳарларнинг иқтисодий рақобатбардошлигини ошириш имконини беради”, деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. "ОТБ лойиҳаси ушбу шаҳарларнинг олдингидан қўра яхшироқ даражагача ва тезроқ тикланишига ёрдам бериш учун инновацион ечимларни қўллайди ва институционал салоҳиятни кучайтиради."

Лойиҳа яшил, ҳамжамиятларга йўналтирилган инфратузилмани, яъни Ховосда кўп функцияли жамоатчилик марказини ўз ичига олган ва умумий яшил йўлакчага эга бўлган янги жамоат боғи, хамда Хивада Ипак йўли мавзуида Ўзбекистондаги биринчи рақамли музей жойлашган икки қаватли ташриф буюрувчилар марказини барпо этишни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, лойиҳа Жиззахда экологик хавфсиз сувни тежовчи технологиялар қўлланилган сув тармоқларини ривожлантириш ва барча тўртта шаҳарда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштиришни қўллаб-қувватлайди.

“Ушбу шаҳарларнинг ривожланишидан, шу жумладан, ишончли ва инклюзив шаҳар хизматларидан фойдаланиш имкониятининг яхшиланишидан барча аҳоли ва меҳмонлар, айниқса кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож қатламлар фойда кўради”, деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Лойиҳалар портфели бўлими раҳбари Рон Сланген. "Бундан ташқари, кичик ва ўрта корхоналарга сайёҳлик кўникмаларини тақдим этиш ва қўллаб-қувватлаш орқали ушбу лойиҳа аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради".

ОТБ шунингдек, тўртта шаҳарда барқарорлик ва самарадорликни ошириш ва хизматлар кўрсатишни яхшилаш учун салоҳиятни ривожлантириш дастурини тақдим этади. Банк рақамли музей ташкил этиш учун Юқори технологиялар жамғармаси томонидан биргаликда молиялаштириш асосида тақдим этилаётган 500 000 АҚШ доллари миқдоридаги грантни бошқаради.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган.  Ўшандан бери банк мамлакатга 10 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Media Contact