МАНИЛА, ФИЛИППИН (2022-йил 8-ноябр) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 150 млн. АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилишини маъқуллади ва у Ўзбекистонда уй-жой шароитини яхшилаш учун бериладиган "яшил" ипотекани кенгайтириш ҳамда мамлакатдаги тижорат кредиторлари арзон уй-жой кредитларини беришни давом эттиришлари учун улар учун ажратиладиган молиялаштиришни оширишга ёрдам беради.

ОТБнинг Ипотека бозори секторини ривожлантириш дастури доирасида ажратилаётган мазкур қарз Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига (ИҚМК) тақдим этилаётган молиялаштиришни тўлдиради ва бундан кўзланган мақсад уй-жой ипотека кредитлари ва уй-жойларни яхшилаш кредитларини тақдим этадиган ва "яшил" ипотекани қайта молиялаш билан шуғулланадиган ва талабларга жавоб берадиган молия институтларига маҳаллий валютадаги ресурслардан фойдаланиш имкониятини оширишдан иборат. Ўзбекистонда қарз олувчилар "яшил" ипотекадан иситиш ва совутиш тизимларини таъмирлаш ёки ўрнатиш, қуёш панелларини ўрнатиш, гидроизоляцияни яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш учун фойдаланишлари мумкин.

“Хавфсиз ва фаровон уй – инсоннинг асосий ҳуқуқидир ва биз Ўзбекистонда ҳамёнбоп ипотека кредитларини олиш имкониятини оширишга ёрдам берганимиздан мамнунмиз”, деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. "Шунингдек, ушбу дастур уй эгаларига ўз уйларининг энергия самарадорлигини оширишга ёрдам бериши ва иқлим ўзгаришини юмшатишга ҳисса қўшишидан хурсандмиз."

ОТБ кўмагида ИҚМК уй-жой шароитини яхшилаш учун бериладиган "яшил" ипотека учун воситалар тўпламини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади ва бу воситаларга "яшил" ипотека талабларига жавоб бериш-бермаслигини баҳолаш ва энергияни тежаш ҳисоб-китоблари киради.  

ОТБ дастури доирасида кредитларнинг камида 32,5 фоизи аёлларга берилиши лозим. Қарз, шунингдек, Ўзбекистонда бозор асосидаги ипотека молиясини рағбатлантириш учун молиялаштириш механизмини ривожлантириш, уй-жой ипотека маҳсулотлари, жумладан, "яшил" молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва банк секторига инновацион маҳсулотларни жорий этишга ёрдам беради.

“ОТБ кўмаги иштирокчи молия институтларини муҳим узоқ муддатли молиялаштириш орқали Ўзбекистонда уй-жой молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда давом этади”, деди ОТБнинг молия сектори бўйича бош мутахассиси Сайед Али-Мумтаз Х. Шах. "Банк секторига "яшил" молия ва инновацион маҳсулотларнинг киритилиши бозорга асосланган ипотека кредитларининг муддатини ҳам узайтиради."

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган.  Ўшандан бери банк мамлакатга 10 млрд. АҚШ доллардан ортиқ миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Media Contact