ТОШКEНТ, ЎЗБEКИСТОН (2021 йил 7 сентябр) — Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) Хусусий сектор операциялари ва давлат-хусусий шериклик бўйича вице-президенти Ашок Лаваса Тошкентда юқори мартабали ҳукумат расмийлари ва асосий манфаатдор томонлар билан учрашди ва ОТБ Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастурини ва хусусий секторни мустаҳкамлаш буйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқлади.

Жаноб Лаваса Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ва ОТБ бошқарувчиси Сардор Умурзаков, Бош вазир ўринбосари ва Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш вазири Джамшид Кучкаров ва давлат ва хусусий сектор вакиллари бўлмиш бошқа ҳамкорлар билан ОТБнинг мамлакатдаги фаолиятини муҳокама қилиш учун учрашди.

"Ўзбекистон ҳукумати сўнгги бир неча йил ичида, хусусан, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришди", деди жаноб Лаваса. Унинг таъкидлашича, «ОТБ сиёсат бўйича маслаҳатлар, салоҳиятни ошириш, истиқболли давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлашда битимлар бўйича маслаҳат ёрдами, ҳукуматга қарз бериш ва хусусий секторнинг асосий субъектларини тўғридан-тўғри молиялаштириш орқали Ўзбекистонни ҳар томонлама ва комплекс қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқлайди. Кучли хусусий сектор учун қулай муҳит яратиш ва хусусий секторнинг ресурслари, тажрибаси ва инновацияларини жалб этиш барқарор ривожланиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.”

Жаноб Лаваса Ҳукуматнинг пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларига ижобий баҳо берди. Жаноб Умурзаков ОТБга бюджетни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди ва бу ижтимоий ҳимоя харажатларини кўпайтириш имконини бергани ва Ўзбекистон иқтисодиётини тиклашда муҳим рол ўйнагани ҳақида таъкидлади. Шунингдек, улар хусусий секторни ривожлантириш бўйича мақсадларни ОТБ томонидан қўллаб-қувватланаётган операцияларга қўшиш, ва бундай ривожланишга, хусусан,  давлат-хусусий шериклик ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун кредит сифатини кучайтириш маҳсулотлари орқали эришиш ниятларини муҳокама қилдилар.

Жаноб Кучкаров билан бирга бўлиб ўтган учрашув давомида жаноб Лаваса ҳукуматнинг давлат-хусусий шерикликни тайёрлаш борасидаги ютуқларини ижобий баҳолади ва ОТБ қўллаб-қувватлашни давом эттиришини таъкидлади. Улар макроиқтисодий барқарорлик, ислоҳотларнинг изчиллиги ва хусусий сектор ишончини мустаҳкамлаш учун инфратузилма ва институтларни ривожлантиришнинг муҳимлигини муҳокама қилишди . Улар транспорт ва коммунал хизматларни кўрсатишда хусусий сектор потенциалга эга эканлигини таъкидладилар. Жаноб Кучкаров кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши учун муҳит яратишда ОТБнинг ёрдамини олқишлади.

Жаноб Лаваса, шунингдек, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси бош директори Айман Амин Сежиний, Инвестицияларни ва экспорт кредитларини суғурталаш бўйича Ислом корпорацияси бош директори Оуссама Абдул Раҳман Каисси, Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) сектор операциялари бўйича вице-президенти Мансур Мухтор ва банклар ва компанияларнинг бошқа расмийлари билан ҳамкорлик соҳаларини ва ОТБнинг хусусий секторга қаратилган ёрдамини муҳокама қилиш учун учрашди. Жаноб Лаваса Тошкент шаҳрида 3-4-сентябр кунлари бўлиб ўтган ИТБнинг йиллик йиғилишлари доирасида ўтказилган "COVID-19дан кейинги давридаги ДХШ сармояси" давра суҳбатида иштирок этди.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо булган. Ўшандан бери ОТБ Ўзбекистон учун 10,1 миллиард доллар миқдорида қарз, грант ва техник ёрдам ажратди. Хусусий секторнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ОТБнинг Ўзбекистон билан 2019-2023 йиллар учун ҳамкорлик стратегиясининг асосий стратегик устувор йўналиши бўлиб, у мамлакатни фаол ва инклюзив бозор иқтисодиётига олиб чиқишга қаратилган.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил топган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзоликка эга ва улардан 49таси минтақада жойлашган давлатлардир.

Media Contact

SHARE THIS PAGE