Key Takeaways

Ўтган йили Покистонда содир бўлган ҳалокатли тошқинлар 33 миллионга яқин аҳолининг ҳаётига таъсир қилди ва 30 миллиард долларга яқин зарар етказди. Бу йил мамлакатни яна бир офат кучли ларзага солди - 6,5 магнитудали зилзила қўшни Афғонистон ва Марказий Осиёнинг бешта давлатига ҳам таъсир кўрсатди. Сўнгги воқеалардан Қозоғистоннинг шимоли-ғарбий қисмида 60 000 гектарга яқин ерни вайрон қилган ва 14 кишининг ҳаётига зомин бўлган ўрмон ёнғинларини эслатиб ўтиш жоиз.

Ушбу воқеалар Марказий Осиё ва унинг қўшнилари мунтазам равишда сув тошқини ва зилзила каби кўплаб табиий таҳдидларга дучор бўлиб туришини фожиали тарзда эслатиб туради.   Иқлим ўзгаришлари бундай ҳодисалар такрорийлиги ва жиддийлигининг кучайишига олиб келаётган бир шароитда, минтақага хатарлардан ҳимояланишда тобора ортиб бораётган бўшлиқ таҳдид солмоқда.

Ушбу бўшлиқнинг молиялаштиришдаги миқдорий баҳоси Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) «Марказий Осиёда табиий офатлар хатаридан ҳимояланишдаги бўшлиқни қисқартириш» номли ҳисоботида келтирилган. ОТБнинг табиий офатлардан ҳимояланишни молиялаштириш ва суғурталаш бўйича Бош мутахассиси Томас Кесслер Марказий Осиё мамлакатлари ушбу молиявий бўшлиқни қисқартириш учун кучларни қай тарзда бирлаштириши мумкинлигини тушунтиради.

Thomas Kessler
Томас Кесслер, ОТБ молиявий масалалар (табиий офатларни суғурталаш) бўйича бош мутахассиси

Нима сабабдан Марказий Осиё учун табиий офат хатарларидан ҳимояланиш муҳим?

Табиий таҳдидлар натижасида юзага келган офатларга чидамлилик Осиё–Тинч океани минтақасининг зилзилалар ва иқлим ўзгариши хатарларига дучор бўлган қисмлари учун жуда муҳимдир. Мамлакатлар сув тошқинларидан ҳимояланиш воситаларини қуриш, мавжуд инфратузилмани модернизациялаш ҳамда талофот вақтида эвакуация ва ҳаракатланиш режаларини ишлаб чиқиш орқали ўзларининг таҳдидларга таъсирчанлик даражаларини камайтириши мумкин. Ушбу ҳаракатлар фуқароларнинг ҳаётини, уларнинг даромадлари ва мамлакат иқтисодиётини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бироқ энг пухта режалаштирилган чора-тадбирлар амалга оширилганда ҳам, хатар доимо маълум даражада сақланиб қолади.

Минтақадаги ”Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги” (МОМИҲ) Дастурида иштирок этувчи – Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Кавказортининг бир қисмидаги давлатлар, Мўғулистон ва Хитой Халқ Республикасини ўз ичига олган – давлатлар учун иқтисодий ривожланишнинг тезлашиши бир вақтнинг ўзида табиий офатлар хатари остида бўлган активлар қийматининг ошишини англатади.

Ҳисоботимизда таъкидланганидек, тошқин ва зилзилаларнинг ҳар йили минтақага келтираётган зарари қарийб 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу рақамлар ҳар йили табиий офатлардан кутиладиган зарарларни батафсил баҳолаш натижаларини акс эттириб, тез-тез содир бўлса-да, у қадар жиддий ҳисобланмайдиган ҳамда кам содир бўлувчи, лекин катта талофот келтириши мумкин бўлган ҳодисалардан кўриладиган зарарларнинг ўртача миқдорини ҳисоблаб чиқиш йўли билан олинган.

Ҳукуматлар табиий офатлардан молиявий ҳимояланиш механизмларини яратмоқда, аммо ҳалокатли ҳодисалар содир бўлиши биланоқ тезкор ва самарали чоралар кўриш борасида МОМИҲга аъзо минтақадаги давлатларнинг барчаси ҳам рисклардан молиявий ҳимояланиш учун етарли даражада ликвидлик ресурсларига эга эмас.

Нима учун табиий офатлар содир бўлгунга қадар молиявий механизмларни олдиндан яратиш керак?

  Табиий офат содир бўлган ҳолларда маблағлар ҳодиса рўй бергандан сўнггина режалаштирилмаган тарзда қарз, бюджетни қайта тақсимлаш ва гуманитар ёрдам кўринишида жалб қилинади. Мазкур ёндашув тезлик билан молиялаштиришни ташкил этиши мумкин бўлган етарли фискал муҳитга эга мамлакатларда иш бериши мумкин. Бироқ сарф-харажатлар ҳажми чекланган ҳукуматлар, кўпинча, танг вазиятларда муҳим ўрин тутувчи гуманитар ёрдамга таянадилар, аммо ушбу ёрдам ўзининг ҳажми, етиб келиш муддати билан фарқланиши мумкин ва ҳар доим ҳам кафолатли бўлиб ҳисобланмайди.

Молиялаштиришнинг муайян ҳажмини табиий офат содир бўлишидан олдин ташкил этиш ҳам мумкин. Табиий офат хатарларидан ҳимояланишни молиялаштириш жараёнини олдиндан ташкил этиш зарарланган инфратузилмани таъмирлаш ва иқтисодиётни тиклаш учун муҳим манбага айланиши мумкин. Бундай молиялаштиришнинг икки тури мавжуд: рискни ўзгалар зиммасига ўтказиш ёки рискни ўзида сақлаб қолиш. Рискни ўзгалар зиммасига ўтказиш деб аталувчи стратегия юз берадиган табиий офатни суғурталаш ва облигация сингари воситалардан фойдаланишни ўз ичига олади. Бу стратегия потенциал йўқотишларни учинчи шахслар, масалан, суғурта компаниялари ёки облигацияларни сотиб олувчи инвесторларга ўтказишга имкон беради ва бунинг эвазига уларга рискни зиммасига олганлиги учун устама тўланади. Рискни ўзида сақлаб қолиш билан боғлиқ стратегиялар салбий ҳодисалар, шу жумладан, табиий офатлар содир бўлганда ҳукумат томонидан йўқотишларни молиялаштириш учун тақдим этиладиган депозитлар ва шартли кредитлар кўринишидаги захира жамғарма яратилишини назарда тутади.

Рискни ўзгалар зиммасига ўтказиш ва рискни ўзида сақлаб қолиш ўзаро бир-бирини истисно қилувчи стратегиялар эмас. Табиий таҳдидларнинг такрорийлиги ва жиддийлиги нуқтаи назаридан потенциал хатарларнинг хилма-хиллиги инобатга олинса, мамлакатларга табиий офатлардан ҳимояланишнинг комплекс стратегияларини молиялаштириш учун турли молиявий инструментлар комбинацияси зарур экани ойдинлашади. Аммо рискни ўзида сақлаб қолиш билан боғлиқ стратегияларнинг ўзи жуда катта ёки кутилмаган офатларнинг оқибатларини қоплай олмайди.

Табиий таҳдидлар ва иқлим ўзгаришининг кучайиши натижасида юзага келган офатлар Осиё–Тинч океани минтақасининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда.

  • Disasters triggered by natural hazards and escalating climate change impacts seriously threaten economic and social development in Asia and the Pacific.
     

    Disasters triggered by natural hazards and escalating climate change impacts seriously threaten economic and social development in Asia and the Pacific.

  • Regional trade
     

    Closer regional trade and financial integration in Asia and the Pacific has huge benefits that drive economic growth and development.

Ушбу молиявий инструментлардан қандай сценарийлар доирасида фойдаланиш мумкин?

Рискни ўзида сақлаб қолишни назарда тутувчи чоралар тез-тез такрорланувчи, аммо у қадар жиддий зарар етказмайдиган ҳодисалар билан боғлиқ йўқотишларни қоплаш учун мос келади. Масалан, кучли ёғингарчилик натижасида кутилмаганда юзага келувчи тошқинлар бир неча йилда бир марта содир бўлиши мумкин. Бундай ҳодисалар юз беришининг давомийлиги ҳукуматлар томонидан рискни учинчи томон зиммасига ўтказилиши манфаатли бўлмаслигини англатади, негаки зарар кўлами, одатда, давлат харажатлари устуворлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Бироқ кам содир бўладиган, лекин жиддий талофот етказувчи фалокатлар билан боғлиқ хатарларни рискни ўзгалар зиммасига ўтказиш стратегияси воситасида ҳимоя қилган яхшироқ. Масалан, ҳалокатли зилзила ёки тошқин сабабли бутун мамлакат миқёсида кўрилган зарарларни, яхшиси, рискни ўзгалар зиммасига ўтказиш механизми ёрдамида қоплаш мақсадга мувофиқ. Энг жиддий ҳалокатлар юз берганда, айниқса, катта ҳудудга эга мамлакатларда суғурта хизмати, қайта суғурталаш ва капитал бозорларидаги мавжуд суғурта имкониятлари чекланиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳодиса юз бергандан сўнг ажратилган донорлар ёрдами муҳим роль ўйнайди.

"Ҳимояланишдаги бўшлиқлар"ни қисқартириш масаласида минтақада қандай қийинчиликлар юз кўрсатмоқда? 

  МОМИҲга аъзо мамлакатлар табиий офатлар суғуртаси ва хатарлардан ҳимояланишни молиялаштиришнинг бошқа шаклларини таъминлаш қобилиятига таъсир қилувчи турли даражадаги хатарларга эга.

Масалан, Покистон ва Тожикистон каби мамлакатларнинг суверен кредит рейтинги паст бўлганлиги сабабли, мазкур мамлакат ҳукуматлари учун хусусий капитал бозорларидан маблағ жалб қилиш жуда қимматга тушади. Ушбу мамлакатлардаги ҳам хатар даражаси, ҳам заифлик даражаси юқори бўлган айрим вилоятларининг асосан кичик фермер хўжаликлари ва кичик бизнес вакиллари томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги ҳамда ишлаб чиқариш саноатининг оддий шаклларига қарам эканлиги юзага келган ҳолатни янада мураккаблаштиради.

Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистонда рискни ўзида сақлаб қолиш билан боғлиқ молиялаштиришни назарда тутувчи механизмларнинг айрим шакллари мавжуд, аммо хатар ва заифлик даражаси айнан қишлоқ хўжалиги ва маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим роль ўйнайдиган ҳудудларда юқори бўлиб ҳисобланади.

Озарбайжон, Грузия ва Қозоғистонда аллақачон рискни учинчи томон зиммасига ўтказмасдан сув тошқини, зилзилалар вақтида кўриладиган зарарларни қоплаш ва фавқулодда вазиятларда юзага келадиган эҳтиёжларни қондиришга имкон берадиган чора-тадбирлар жорий қилинган. Бироқ зарар миқдорини қоплаш учун барча ресурслар жалб қилиниб, бутунлай тугаши мумкин бўлган ҳолларни ҳам истисно қилмаслик лозим ва бундай ҳолатда қайта тиклаш харажатларини молиялаштириш учун рискни ўзгалар зиммасига ўтказиш инструментлари керак бўлади.

Минтақавий ҳамкорлик фойдали бўлиши мумкинми? 

Ҳа. Иштирокчи мамлакатлар барчалари учун умумий бўлган табиий офатлар хатарига дуч келаётгани инобатга олинса, рискни ўзгалар зиммасига ўтказишнинг минтақавий механизмини яратиш ҳимояланиш даражасидаги бўшлиқни иқтисодий жиҳатдан қисқартириши мумкин. Масалан, ушбу мамлакатлар суғуртани жамоавий тарзда сотиб олиш масаласида ҳамкорлик қилишлари мақсадга мувофиқ. Бу турли мамлакатлар ўртасида риск даражасини диверсификация қилиши мумкин ва уларга умумий харажатларни камайтирган ҳолда доимий ва маъмурий харажатларни тақсимлаш имконини беради.

Минтақавий ҳамкорлик, шунингдек, мамлакатлар учун табиий офатлар етказувчи хатарларнинг олдини олиш ва уни назорат қилиш бўйича тажриба алмашишнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади.

Минтақавий жамғарманинг барқарорлиги учта омилга боғлиқ бўлади. Биринчидан, хатарлардан ҳимояланишни молиялаштириш барча иштирокчи мамлакатларнинг эҳтиёжларини қондириши керак, бинобарин бу уларнинг манфаатдорлигини таъминлайди. Иккинчидан, ҳимояланиш режалари билан қопланувчи рисклар яхши баланслаштирилган бўлиши керак, шунда мамлакатларнинг бирортасида юзага келган хатарларни қоплаш учун талаб этиладиган харажатлар бошқа мамлакат ресурсларини заифлаштирмайди. Бу, шунингдек, минтақавий жамғарма маблағларини ҳимоя қилиш учун қайта суғурталашга бўлган эҳтиёжни камайтиришга имкон яратади ва жамғарманинг суғурта мукофотларини тўлай олишини кафолатлайди. Учинчидан, иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш чора-тадбирларини жорий этиш учун мамлакатларда рағбат уйғотиш керак, бунда ҳимояланишга сарфланадиган ҳаражатларни оширишни чеклаш ва ўз иқтисодиёти ва халқини табиий офатларга нисбатан чидамлилигини оширишга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

SHARE THIS PAGE