ТОШКЕНТ, ЎЗБЕКИСТОН (2024-йил 15-апрел) — Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) етакчи ҳисоботига мувофиқ, нархлар ошишининг уй хўжаликларининг ихтиёрида бўладиган даромадга таъсири натижасида 2024-йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши кутилмоқда.  

ОТБ ўзининг “Осиё ривожланиши истиқболлари” (Asian Development Outlook - ADO) номли нашрида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024-йилда 5,5 фоизни ташкил этишини, 2025-йилда эса 5,6 фоизгача ўсишини прогноз қилмоқда.  Бунда тартибга солинадиган нархлар ошишининг уй хўжаликлари даромадига таъсири туфайли ўсиш секинлашиши кутилмоқда, бу эса истеъмол талабининг пасайишига олиб келиши мумкин.  

"Ўтган йили саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги барқарор кўрсаткичлар туфайли Ўзбекистонда таҳсинга сазовор иқтисодий ўсиш кузатилди", - деди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая. "Ушбу кучли ўсишни кучли инвестиция муҳити ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларини солиқдан озод қилиш бўйича стратегик сиёсат қўллаб-қувватлади, бу эса қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда инфляциянинг сезиларли секинлашишига ёрдам берди". 

2024 йилда ўсиш суръатларининг секинлашиши прогноз қилинаётганига қарамай, иқтисодий прогнозлар эҳтиёткорона ижобий бўлиб қолмоқда.  Хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ўсиш суръати секинлашиши кутилмоқда, ва шу билан бирга хусусий истеъмол ва инвестициялар бироз сустлашиши кутилмоқда.  Энергетика соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва пул-кредит сиёсатининг қатъийлашиши таъсирларининг мувозанатлашуви ҳисобига инфляция суръатларининг барқарор даражада сақланиб қолиниши прогноз қилинмоқда.

Бироқ бюджет-солиқ сиёсати муаммоларга дуч келмоқда, чунки таркибий ислоҳотлар ва ижтимоий харажатларнинг кўпайиши бюджет консолидацияси ва тақчилликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга салбий таъсир курсатиш мумкин.

ОТБ яшил ривожланиш сиёсати Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтишида муҳим аҳамият касб этади деб ҳисоблайди.   Ҳозирги вақтда яшил сиёсатнинг турли  вазирликлар ва идоралар ўртасида бўлиниши яшил иқтисодиётга самарали эришиш учун хавф туғдиради.   Шундай экан, саъй-ҳаракатларни оптималлаштириш, мувофиқлаштиришни яхшилаш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий амалиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш учун самарали ечим сифатида иқлим сиёсати бўйича кенгаш ташкил этиш таклиф этилмоқда. 

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга 12.5 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. 

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Media Contact